Бобур Тоиров, тиббиёт фанлари доктори, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази дерматокосметология бўлими мудири:
— Пластик жарроҳлик операциялари икки йўналиш бўйича ўтказилмоқда. Булар:
Пластик реконструктив жарроҳлик туғма нуқсонлар, танадаги турли хил аномалиялар, орттирилган жароҳатлар, тери куйишларидан кейинги ўзгаришларни бартараф этиш мақсадида бажариладиган амалиёт ҳисобланади. Бунда муайян бир аъзо фаолиятини қайта тиклаш усули татбиқ қилиниб, танадаги ўзгаришлар хирургик йўл билан асл ҳолига қайтарилади.
Пластик эстетик жарроҳлик ёки муолажалар инсон организми, хусусан, тери қатламларида ёшга доир ўзгаришларни бартараф этиш, яъни қариш жараёнининг ташқи кўринишда акс этишининг олдини олишда қўлланади.
Ҳар қандай натижа танланган амалиёт турига боғлиқ. Масалан, туғуруқдан кейинги қорин мушаклари шакли ўзгаришини олайлик. Ушбу амалиёт бошқа туғмасликка қарор қилган аёлларда бажарилиб, муолажадан сўнг қорин мушаклари шакли туғуруқдан аввалги ҳолатга қайтишига эришилади. Табиийки, бу бир умр шундай сақланиб қолади.

Юз терисида ўтказиладиган эстетик пластика ҳам шундай. Гарчи организмда ёшга доир ўзгаришлар кечиши тери қаватида акс этса-да, улар нисбатан камроқ бўлади ёки қариш жараёни секинлашишига эришилади.